Давлатнинг қудрати ва кучини, халқаро майдондаги ўрнинибелгилашдаунинг бошқа давлатлар билан олиб бораётган соғлом ташқи сиёсати жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Муҳтарам Президентимизнинг бу борада олиб бораётган оқилона сиёсати мамлакатимизнинг йилдан йилга ривожланиб, такомиллашиб бориши учун замин яратмоқда.
Айтиш керакки, жорий йилнинг август ойида Озарбайжон давлатига қилинган ташриф ҳам келажакдаги мисли кўрилмаган ривожланишларга, ҳамкорликда эришиладиган буюк натижаларга очилган эшик вазифасини бажариши табиий.
Уч юз йилдирки, ўз ҳудудий сарҳадлари дахлсизлиги, эрки учун курашган буюк ва жасоратли Озарбайжон халқи 1928 йилда мустақилликка эришди ва Озарбайжоннинг Шарқий ҳамда Жанубий Кавказорти ҳудудларида миллий давлатчилик барпо этди. Озарбайжон давлат гимни мусиқасининг муаллифи Узеир Гаджибеков сўзи билан айтганда “Озарбайжон Республикаси соғлом миллий асосда ва туркча ақл билан дунёга келди”.
Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари орасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарининг туб илдизлари узоқ ўтмишдаги қардошликкa, маданият ва анъаналарнинг муштараклигига бориб тақалади. Зеро, бу икки халқ ўтмиши, маънавий қадрятларининг умумийлиги билан ҳам бир-бирига боғлaниб, тараққий этиб боргани ҳеч кимга сир эмас. Машҳур ўзбек шоири А.Орипов Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари дўстлигини мадҳ этиб шундай ёзади:
“Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,
Бу кун озар эли Ўзбекистонни.
Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,
Бу дўстлик билганмишубҳа, гумонни?
Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,
Шу инжа озарий тилни, забонни.
Дўстлик бу — муҳаббат янглиғ фараҳким,
Билгай у на ҳадни ва на довонни.”
Абдулла Орипов
Бу мўъжаз мисраларни Озарбайжон ва Ўзбекистон орасидаги буюк дўстликка қўйилган ҳайкал дейиш мумкин. Шоир бир ўзбек фарзанди сифатида озар халқи сиймосида ҳамиша ишочли ва садоқатли дўстни кўради. Озар тилининг гўзаллигига,нозик жозибасига, оҳангдорлигиги ҳайратда қолади. Дўстликнинг чегара билмас, фараҳбахш қудратига тан беради.
Қардош халқларнинг бир-бирига бўлган самимий муносабати, манфаатларига ҳурмат билан қараши улар орасидаги алоқаларни янада камол топишига, ҳамкорликларни юксак даражага кўтарилишига сабаб бўлган. Бугунга қадар амалга оширилган ўндан зиёд ташрифлар, шубҳасиз, ҳар икки давлат учун ҳам фойдали бўлган натижаларни кўрсатди.
Ҳозирги кундабу икки давлат кўплаб соҳада ҳамкорлик қилмоқдалар, давлат раҳбарлари ўртасидаги илиқ ва дўстона алоқалар ҳар жабҳада кенг қамровли шерикликка йўл очмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга қилганбу йилги ташрифи давлатлар орасидаги амалий ҳамкорликда янги даврни бошлаш, кенгайтириш ва ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишга шароит яратaди.
Озарбайжоннинг “Зубулға” қароргоҳида давлатимиз раҳбарини кутиб олиш учун ташкилланган тантанали маросим озар халқининг меҳмондўстлиги ва халқимизга бўлган чуқур ҳурматини намоён этди. Албатта, бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Яъни Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиш йўлида. Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳамиша қўллаб қувватлаган, Қорабоғдаги тинчлик ва барқарорлик масаласига жиддий қарайди ва у ердаги амалга оширилган бунёдкорлик ишларини юксак баҳолайди.
Ташриф давомидаги олиб борилган музокарадашерикликнинг асосий йўналишлари белгиланди ва автомобилсозлик, металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, туризм каби бошқа тармоқлардаги йирик лойиҳалар муҳокамаси бўлиб ўтди. Музокаралардаги маданий ва иқтисодий соҳаларга катта эътибор қаратилиши,саноат кооперацияси ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга доир қарашлар aҳамиятга моликдир. Янги логистика занжирларини ривожлантириш ва инфратузилмаларни барпо этиш, юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича лойиҳаларни ишга туширишда иккала давлат учун ҳам катта манфаатлар бўлиши кўзда тутилган.
Mаданият бўйича амалга оширилган тадбирлар ҳам алоҳида аҳамиятга моликдир. Шу кунларда Озарбайжонда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданияти” кунлари алоқаларни янада жипслаштиришга хизмат қилади. Хусусан,ўзбек адабиётининг йирик вакили А.Қодирий қаламига мансуб машҳур “Ўтган кунлар” асарининг озарбайжон тилига ўгирилиб, Боку шаҳрида китоб тақдимотининг ўтказилиши қардошларимизнинг адабиётимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборларининг яққол далилидир.
Шунингдек, бўлиб ўтган музокаралар давлатлараро стратегик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки мақсад аниқ, қарашлар муштарак, бирдамликка интилиш қатъийдир.
Бундан ташқари, ҳамкорликда стратегик жиҳатдан муҳим бўлган транспорт ва транзит йўналишидаги соҳаларнинг ривожи масаласи ҳам аҳамиятлидир. Шу муносабат билан Боку порти орқали юк ташиш ҳажмини кўпайтириш таклифи бу борадаги муаммоларга оқилона ечим бўлди. Давлат раҳбарларининг қўшма йўл хариталарини тайёрлаш ва эришилганкелишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этилиши ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзоланиши - икки давлат ўртасидаги алоқаларни келажакда янада мустаҳкам майдонга олиб чикиши билан юксак аҳамиятга эга бўлди.
Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларининг узоқ йиллик қардошлик ва дўстлик ришталари бугунги кунда иқтисодий, маданий соҳаларда шериклик асосида сайқалланиб, ҳар икки давлат манфаатларига хизмат қилиши - ҳамкорликнинг устивор йўналишидир.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори,
профессор